Абул Муин Насафий зиёратгоҳи обод гўшага айланди

0
22

Насаф азал-азалдан дунё илм-фани ва маданияти равнақига салмоқли ҳисса қўшган шаҳарлардан бири ҳисобланади. Қадимий қўлёзма ва библиографик қомусий асарлар варақлаб кўрилса, бу барокатли кентдан кўплаб олиму уламолар етишиб чиқиб, Насафий нисбаси билан самарали ижод қилганининг гувоҳи бўламиз.
Тарихий манбалардан маълум бўлишича, мана шу кўп сонли улуғ насафийлар жумласидан IX асрнинг иккинчи ярми ва X асрнинг биринчи чорагида самарали фаолият кўрсатган йирик олим Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафий (вафоти 930 йил) асос солган Насафийлар сулоласи намояндалари алоҳида ўрин эгаллайди. Ушбу сулоланинг бир нечта вакиллари диёримизда қатор илмларнинг, хусусан, исломий билимларнинг равнақига салмоқли ҳисса қўшган. Мисол тариқасида, уч авлод оша мазкур сулоладан етишиб чиққан улуғ олим Абул Муин Насафий (1027-1114) ўзининг маънавий устози, буюк мутакаллим имом Абу Мансур Мотуридий таълимотини янада ривожлантириб, унинг бутун Шарқ мамлакатларига тарқалишида беқиёс хизмат кўрсатган олим саналади.
Таъкидлаш лозимки, ақида масалалари ҳар қандай даврда ҳам, ҳар қандай жамиятда ҳам алоҳида аҳамият касб этган. Шу боисдан бу ҳаётий муҳим масала ҳар доим ҳам илм аҳлининг диққат эътиборида бўлиб келган.
Абул Муин Насафий ҳам шу йўналишда бир нечта асарлар яратган. Муаллифнинг, айниқса, “Тавсиратул адилла”, “Баҳрул калом”, “Ат тамҳид ли қавоиди тавҳид” каби асарлари дунё олимлари томонидан юқори баҳоланган. Афсуски, Абул Муин Насафийнинг ҳаёти ва асарлари собиқ тузум даврида умуман ўрганилмаган.
Истиқлол шарофати билан кўплаб алломаларимиз қаторида Абул Муин Насафийнинг ҳаёти ва асарларини илмий асосда ўрганиш ишлари йўлга қўйилди. Аллома руҳи мангу қўним топган манзил обод гўшага айлантирилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 24-25 февраль кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши туманидаги калом илми бўйича таниқли олим “Абул Муин Насафий” тарихий мажмуасини қайта таъмирлаш, унинг негизида кутубхона, музей ташкил этиш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берган эди. Ушбу топшириқлар ижроси доирасида Абул Муин Насафийнинг бой илмий маънавий меросини чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида зиёратгоҳда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
– Бугунги кунда қўли гул уста ҳунармандлар меҳнати эвазига зиёратгоҳ яхлит мажмуа шаклига эга бўлди, – дейди Қашқадарё вилояти миллий мерос бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Халилов. – 2,1 гектар майдонни эгаллаган обида ҳудудида 500 ўринли масжид, кутубхона, музей, маъмурий бино, таҳоратхона, чойхоналар қуриб битказилди. Мажмуа ҳудудидан ўтувчи кичик анҳорни реконструкция қилиш ишлари тугатилди. Айни пайтда қурилиш-таъмирлаш ишлари якуний паллага кирган. Мажмуанинг ташқи йўлларини замонавий лойиҳалар асосида қайта қуриш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, амалий ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, 2017 йилда алломанинг “Ат тамҳид ли қавоиди тавҳид” асари Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси томонидан чоп этилди.
Айтиш жоизки, Абул Муин Насафий зиёратгоҳида Хитой ипак қоғозига битилган ноёб Қуръони карим қўлёзмаси мавжуд. Бу муқаддас китобнинг бўйи 60, эни 41 сантиметрни ташкил этади. Мазкур Қуръон учун уста Зариф деган киши томонидан баландлиги 1 метру 60 сантиметрлик лавҳ ясалган. Лавҳда ҳижрий йил ҳисоби билан 1266 (милодий 1851) санаси ёзиб қолдирилган. Лавҳга 12 қатордан иборат форсий шеър ўйиб битилган.
Зиёратгоҳ атрофида катта қабристон ҳам бор. Ҳудуд 50 гектардан кўпроқ майдонни эгаллайди. Қабристонда 100 дан ортиқ ҳар хил мармар тошларга битилган ёдгорликлар бор. Уларга қараганда, қадимий Ибсан қишлоғидан чиққан олимлар ҳам шу ерда дафн қилинган.
Айни пайтда буюк аллома хоки ётган манзил маҳаллий ва хорижлик зиёратчилар билан гавжум.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Манба:  hidoyat.uz

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here