Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасида мавлид тадбири ўтказилди

0
28

2019 йил 23 ноябрь куни «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» мажмуасида рабиъул аввал ойи муносабати билан «Муҳаммад алайҳиссалом ‒ Аллоҳнинг Расули» мавзусида мавлид тадбири ўтказилди.
Анъанага мувофиқ, мавлид маросими Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Тиловатни Халқаро Қуръон мусобақаси ғолиби «Кўкалдош» мадрасаси мударриси Жасурбек қори Қулбоев ўқиб берди.
Қуръони Карим тиловатидан сўнг дуолар қилиниб, мавлид тадбирини олий тоифали суҳандон Шуҳрат Қаюмов олиб борди.
Кейин «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжиди имом хатиби Исмоил Муҳаммад Содиқ пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақида мавъизалар қилиб, ушбу мавлидга ташриф буюрган меҳмонлар ва иштирокчиларга миннатдорчик билдирди.
Сўнгра, юртимиз уламоларидан ташриф буюрган меҳмонлар, жумладан «Имом ат-Термизий» жоме масжиди имом хатиби Исҳоқжон домла Муҳаммаджон ўғли «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига самовий динлардан башорат ва далиллар», Абдулазим Зиёуддин домла «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига сийратдан далиллар», Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид қори «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига Қуръондан далиллар», Қудратуллоҳ Сидиқметов домла «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига ҳадисдан далиллар» ҳамда «Зикр аҳлидан сўранг» (Savollar.islom.uz) сайти ҳайъати аъзоси Абдуманнон Абдуллоҳ домла «Аллоҳ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ошиқлик» мавзуларида мавъизалар қилиб бердилар.
Бундан ташқари, мавлид тадбири зикрлар, нашидалар ва салавотларга уланиб кетди.
Хусусан, робиъул аввал ойи муносабати билан Islom.uz-1441 «Муҳаммад алайҳиссалом ‒ Аллоҳнинг Расули» шиори остида ўтказилган тадбирда йиллик тест, мақола ва юқоридаги мавзу бўйича ўтказилган танлов иштирокчилари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мусобақа ғолиблари ва фаол иштирокчилари Islom.uz портали раҳбарияти томонидан эсдалик совғалар билан тақдирландилар.
Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларнинг қалбига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатини жо қилсин, қиёматда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларига эриштирсин ва у зот билан жаннатда қўшни бўлиш бахтини насиб этсин!
Тадбир сўнгида, хатми Қуръон ва хайрли дуолар қилинди ва маросим ўз якунига етди.
Islom.uz портали таҳририяти
Муаллиф
islom.uz

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here