Жинлар ҳақида нималарни билмоғимиз зарур

0
125

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мўмин-мусулмонлар «жин» деб аталувчи махлуқотлар борлигига иймон келтирадилар. Уларни оддий ҳолатларда кўриб бўлмайди. Биз улар ҳақидаги маълумотларни энг ишончли манбалар: Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлардан оламиз. Қуръони Карим нозил бўлаётган пайтда араб қабилалари жинларга худолар деб эътиқод қилишарди. Улар жинларнинг насаби Аллоҳ таолога етиб боради, Унинг жинлардан шериклари бор, деган бузуқ эътиқодга ҳам бўйсунишарди.

Шунингдек, араблар «Жинлар ғойибдан хабардор, фолбин ва мунажжимларга осмон сирларини айтиб туришади», деган ўйда эдилар. Арабларда жинларнинг ҳукми ер юзида ўтади, деган хомхаёл бўлиб, агар улардан бирорталари бирор жойга бориб, ётиб қолмоқчи бўлса, «Ушбу жойнинг хўжайин жинидан паноҳ сўрайман» деган дуони ўқишарди.

Бизнинг юртларда ҳам юқорида айтилганга ўхшаш турли-туман бузуқ, бидъат-хурофотдан иборат тушунчалар мавжуд ва уларга гирифтор бўлганлар бу ёлғон эътиқодга бўйсунишади. Айниқса, кейинги пайтда кишиларда руҳий бўшлиқ ҳаддан ташқари зиёда бўлганидан бу маънодаги гап-сўзлар ниҳоятда кўпайиб кетди.

Шу билан бирга, қадимда ҳам, ҳозирда ҳам жинларни бутунлай инкор этадиганлар бор. Улар жин ҳақидаги ҳар бир сўзни афсона, бекорчи гап, дейишади. Жинлар ҳақидаги ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган кишиларни жиннига чиқаришади.

Ислом эса жин ҳақида худди бошқа масалалардаги каби асл ҳақиқатни баён қилади. Ислом жин борлигини исботлаб, бу ҳақдаги тўғри тасаввурни баён қилиб беради, нотўғри тушунчаларни рад этади. Шу билан бирга, жинлардан кутиладиган мавҳум қўрқинч ва хавфу хатарни ҳам рад этади.

Жинлар ҳақиқатда бор мавжудотлар бўлиб, асли оловдан яратилган. «Жин» сўзининг луғавий маъноси «тўсилган» дегани, яъни одамлар кўзидан тўсилган нарса. Шу сабабли ҳам у инсонларга кўринмайди. Улар ўзлари кўринмай туриб, бизларни ва бошқа нарсаларни кўришлари, шу билан бирга, турли шаклларга киришлари ҳам мумкин. Уларнинг ичида ҳам худди одамларга ўхшаб иймонсиз-иймонли, яхши-ёмон, адашган ва ҳидоятда юрганлари бор. Жинлардан ҳам Қуръонга, Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтириб, яхши йўлда юрганлари жаннатга, иймонсиз бўлиб, ёмон йўлда юрганлари дўзахга тушадилар. Улар одамларга ҳеч қачон ёрдам бера олмайдилар ва ғойиб сирларини билмайдилар, чунки Қуръони Карим нозил бўлганидан сўнг улар бу хислатлардан маҳрум бўлишган. Жинларнинг Аллоҳ таоло билан насаб йўлидаги боғлиқлигига келсак, бу ҳақдаги ҳар қандай фикрлар ғирт туҳматдир.

Сабаъ сурасида бир гуруҳ жинлар Сулаймон алайҳиссаломга хизматкор бўлганлари, у зот ҳассага суяниб туриб вафот этганлиридан сўнг ҳам «у тирик, бизни кузатиб турибди», деб ўйлаб, машаққатли ишда давом этганлари ҳақида оятлар бор.

Исломдан олдинги вақтда жинлар осмонга чиқиб, фаришталарнинг ўзаро суҳбатларини, жумладан, яқин кунларда содир бўладиган баъзи ишлар ҳақидаги маълумотларни ҳам яширин эшитиб, ердаги фолбину мунажжимларга бирга ўнни қўшиб етказишлари, кейинчалик учқунлар отилиб, уларни бу ишдан тўсгани, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бомдод намозида қироат қилаётганларини эшитиб, «Биздан осмон хабарини тўсган нарса шу», деб ўз қавмларига қайтиб, бўлган ҳодисани айтганлари, шунда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига Жин сурасини нозил қилгани ҳақида юқорида батафсил айтиб ўтилди.

Қуръони Каримда жинлар ҳақида ўнта сурада қирққа яқин оят бор. Алоҳида бутун бошли бир сура «Жин сураси» деб номланган.

Қуръони Карим ва Суннатда келган далилларни синчиклаб ўрганиб чиққан уламоларимиз қуйидаги хулосаларни айтганлар:

1. Жинлар оловдан яратилган махлуқотлардир.

Аллоҳ таоло Роҳман сурасида марҳамат қилади:

«Ва жинларни ўтнинг алангасидан яратди» (15-оят).

Аллоҳ таоло жинни тутуни йўқ оловдан яратди. Оятдаги «маарижин» сўзи шуни англатади. Жиннинг оловдан яратилиши инсоннинг илм доирасига кирмайдиган нарса. Буни бизга билдирувчи ягона манба Қуръондир. Биз ушбу хабарга иймон келтиришимиз лозим. Бу жараён қандай кечганлигини Аллоҳнинг Ўзи билади. Бизга кенг­роқ билдиришни хоҳламаган экан ва биздан билиш илмини талаб қилмаган экан, бекорга овора бўлишимизнинг ҳожати йўқ.

Иблис ҳам ўзининг оловдан яратилганини эсга олган. Бу ҳақда Аъроф сурасида қуйидагилар айтилган:

«У Зот: «Сенга амр этганимда, сажда қилишингдан нима тўсди?» деди. У: «Мен ундан яхшиман, мени ўт-оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг», деди» (12-оят).

Аллоҳ таоло Ўз амрини бажармаган, Одамга сажда қилмаган Иблисдан:

«Сенга амр этганимда, сажда қилишингдан сени нима тўсди?» деб сўраганида, у «Тавба қилдим, хато қилибман», дейиш ўрнига:

«Мен ундан яхшиман, мени ўт-оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг», деди».

Унинг фикрича, олов лойдан кўра яхши экан.

2. Жинлар инсонлардан олдин яратилгандир.

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида марҳамат қилади:

«Ва жинларни бундан олдин самум оловидан яратдик» (27-оят).

Жинлардан мурод, уларнинг асли Иблисдир. Одам алайҳиссалом инсонларнинг асли бўлгани каби, Иблис алайҳилаъна ҳам жин ва шайтонларнинг аслидир.

«Самум» сўзи луғатда олов каби иссиқ шамолни англатади. Шунингдек, жаҳаннам иссиғи ҳам самум дейилади. Иблиснинг асли ана шундай нарсадандир. Мана шу ерда жинларнинг одамлардан олдин яратилгани қайд этилмоқда.

3. Жинлардан насл қолади, уларнинг зурриёти бор.

Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:

«Фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», деганимизни эсла. Бас, сажда қилдилар. Иблис мустасно. У жиндан бўлган эди. У ўз Роббининг амридан чиқди. Энди сизлар Мени қўйиб, уни ва унинг зурриётларини дўст қилиб оласизларми?! Ҳолбуки, улар сизларга душман-ку! У золимлар учун нақадар ёмон бадалдир» (50-оят).

Бу ояти каримада Иблис жиндан бўлгани ва унинг зурриётлари борлиги зикр қилинмоқда.

4. Жинлар бизни кўрадилар, биз уларни кўрмаймиз.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Эй Одам болалари! Шайтон ота-онангизни авратларини ўзларига кўрсатиш учун устиларидан либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, сизни ҳам фитнага солмасин. Албатта, у ва унинг тўдаси сизни сиз кўрмайдиган томондан кўради. Биз, албатта, шайтонларни иймон келтирмайдиганларга дўст қилганмиз» (27-оят).

Демак, жиннинг имкониятлари инсонникига нисбатан кўпроқ. Инсон шайтонни кўрмайди, аммо у инсонни кўради. Бу эса ўз навбатида, унга қўшимча имконият беради, инсондан эса қўшимча ҳушёрлик талаб қилинади. Чунки очиқ-ойдин душман бўлган шайтоннинг ёмонлигидан доимо эҳтиёт бўлиб туриш керак. Бунинг учун кучли иймон ва соф эътиқод зарур.

5. Жинлар ирода ва ихтиёрли, илм ва маърифатга қобилиятли, иймон ва ибодатга таклиф қилинган ҳамда куфр ва исёндан қайтарилган махлуқотлардир.

Аллоҳ таоло Зарият сурасида марҳамат қилади:

«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим. Улардан ризқ ирода қилмасман ва Мени таомлантиришларини ҳам ирода қилмасман» (56-57-оятлар).

Демак, инсон каби жин ҳам Аллоҳ таолога ибодат қилиши лозим.

«Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишларнинг бор ҳақиқати» китобидан

манба: Islom.uz

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here